Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН — ТИНЧЛИКПАРВАР СИЁСАТ ТАРАФДОРИ

18.06.2019 , 20:00

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга бугунги кунда минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо ҳисобланади. Саккиз мамлакат ва бешта нуфузли халқаро тузилма — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро миграция ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеяси унинг кузатувчиларидир. Бу эса кенгашнинг жаҳондаги халқаро нуфузи жуда юқорилигини кўрсатади. 

Яқинда Душанбе шаҳрида кенгашнинг бешинчи саммити бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Президентимиз саммитда Ўзбекистон тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг тинчликпарвар ташқи сиёсати бугунги кунда бутун дунёда эътироф этилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан яқин қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларимиз тикланди, йўллар очилиб, қариндош-уруғчилик ва борди-келди алоқалари мустаҳкамланди.

Бугун дунёнинг кўпгина давлатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Бунга миллий ва этник можаролар, гиосиёсий мақсадлар, уюшган жиноятчилик, наркотрафик, терроризм ва экстремизм балосини сабаб қилиб келтириш мумкин. Бу можароларга ташқи кучларнинг ноўрин аралашуви, томонлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлиб, минглаб инсонлар ўз туғилиб ўсган юртини ташлаб кетишга мажбур бўляпти.

Шу боисдан давлатимиз раҳбари доимо ўзга давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, муаммоларни ўзаро тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш тарафдори бўлиб келмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида ўзгача ёндашуви ва тутаётган қатъий позицияси ушбу саммитда ҳам яна бир бор намоён бўлди. Жумладан, саммитда Президентимиз Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар очиши борасида ўз фикрларини билдирди.

Давлатимиз раҳбари ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда ёшлар масаласига ҳамиша устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келмоқда. Душанбе саммитида Президентимиз ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш барқарорлик ва фаровонликнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон фан, таълим соҳаларидаги ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр эканини билдирди.

Президентимиз томонидан билдирилган долзарб фикр ва таклифлар саммит иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузи ва таъсири ошиб бораётганлигидан далолат беради.

 

Илҳом ҚУРБОНОВ,

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати