Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

БИШКЕК САММИТИ: МУҲИМ ФИКРЛАР ВА ДОЛЗАРБ ТАШАББУСЛАР

18.06.2019 , 19:40

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари — иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади. Ана шу икки устувор йўналишга алоҳида урғу берилади. Зеро, хавфсизлик орқали ҳамкорликни ривожлантириш, умумий тараққиётга эришиш ташкилотнинг асосий мақсадидир.

Ўзбекистон кейинги йилларда тузилмага аъзо давлатлар билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳафаза қилиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизмга қарши биргаликда курашиш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келаяпти.

ШҲТнинг Бишкек саммитида ҳам давлатимиз раҳбари жаҳон бозорида рақобат кескинлашиб, экологик ва демографик мувозанатсизлик юзага келаётгани, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчилик хавфи сақланиб қолаётганини қайд этиб, хавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлашган сиёсат юритиш, мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар шакллантириш муҳимлиги юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Мамлакатимиз тузилманинг олдин бўлиб ўтган саммитлари, шунингдек, бошқа кўпгина халқаро форумларда халқаро ҳамжамият эътиборини афғон муаммосига қаратиб, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурганди.

Бишкек саммитида ҳам Президентимиз минтақавий хавфсизлик масаласига эътибор қаратар экан, яна бир бор бу кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ эканини қайд этди. Саммит доирасида “ШҲТ — Афғонистон” мулоқот гуруҳининг “йўл харитаси” қабул қилиниши, ушбу мамлакатнинг минтақавий ҳамкорликка фаол жалб этилиши муҳимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг афғон масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани бежизга эмас. Сабаби, Афғонистон бизнинг ён қўшнимиз. Минг йиллик ришталар бизни бу минтақадаги халқлар билан ўзвий боғлаб туради. Халқимизда қўшнинг тинч - сен тинч деган мақол бежизга айтилмаган. Ён қўшнимиз ҳисобланган Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши мамлакатимиз чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлашга, халқаро наркотрафик, терроризм ва экстремизмнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, Афғонистонда тинчлик бўлса, мамлакатимиз учун бошқа чет давлатларга чиқишга янги транспорт йўлаги очилади. Бу эса иқтисодиётимиз ривожига ҳам хизмат қилади.

 

Назира ЭЛМУРОДОВА,

Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгаши депутати