Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

БЕШ ТАШАББУС ЮЗАСИДАН ЁШЛАР ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

10.06.2019 , 11:30

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши томонидан Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида “Эзгу ғоядан эзгу мақсад сари” шиори остида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросига бағишланган ёшлар форуми ўтказилди.

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, эзгу ғоялар ва яратувчанлик руҳияти билан ёшларни бир мақсад атрофида жамлаш орқали уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қалбларида юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, зарарли ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур форум бир неча йўналишда ўтказилди.

Биринчи йўналишда - ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида “ИСТЕЪДОД” шоуси ташкил этилди.

Шунингдек, форум доирасида имконияти чекланган ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада иштирок этган ҳар бир имконияти чекланган ёшларга партия ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Иккинчи йўналишда - ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун кўмаклашиш мақсадида олий ўқув юртлари ҳамда маҳаллалардаги ёшлар иштирокида фавворалар ҳиёбонида “Ореn аiг” веломарафони, имконияти чекланган ёшлар ўртасида эса ногиронлик аравачасида “Умид йўлаги” номли спорт мусобақаси, Хотира турнири, жамоавий, енгил атлетика, якка тартибдаги ва миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан такдирланди.

- Партия томонидан соғлом ёшлар қаторида биз каби имконияти чекланган ёшлар учун ҳам мусобақалар ташкил этилаётгани қувонарли ҳол. Бугунги тадбирда ва мусобақада иштирок этиш учун Олот туманидан келдим. Кайфиятим тоғдек кўтарилди. Тенгдошларимнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқларини кўриб қувондим, - дейди “Умид йўлаги” спорт мусобақаси қатнашчиси, I-гуруҳ ногирони Ўлмас Яҳёев. – Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган юксак эътибор мана бир неча йилдирки ўз мевасини бериб келмоқда. Ватанимиз байроғи хорижий мамлакатларда бўлиб ўтаётган мусобақаларда юқори жойлардан ўрин олмоқда. Мен ҳам келажакда параолимпиячилар сафида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқчиман. Бугунги тадбирлар эса мени шу мақсадлар сари етказади, деган умиддаман. Аввало, ўзим номимдан, қолаверса барча ёшлар номидан, хусусан жисмоний имконияти чекланган ёшлар номидан Президентимизга ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Учинчи йўналишда - аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ёшлар интернетдан фойдаланишлари учун “WiFi room”лар ташкил этилди.

Тўртинчи йўналишда — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши биносида “ВООК RООМ” китоб жавонлари, махсус кўчма кутубхоналар ташкил этилди. Махсус кўчма кутубхоналар ҳудудида китобхонлик кечалари ўтказилди. Китобхонлик кечаларида таниқли ёзувчилар, шоирлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, актёрлар иштирокида бадиий чиқишлар қилинди. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, улар орасида маънавий муҳитни янада яхшилаш мақсадида, ёшлар орасида ўкиган китоблари бўйича “Билимдон” танлови ўтказилди.

Бешинчи йўналишда - хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш мақсадида мазкур форум доирасида вилоят бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Форум доирасида тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган хотин-қизларга дастлабки бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишда кўмаклашилди. Шунингдек, кредит олувчи хотин-қизларга амалий ёрдам берилди. Чеварчилик, пазандачилик, сартарошлик бўйича ўқув курслари, ўқув ишлаб-чиқариш мажмуалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Шу йўналишлар бўйича касб-хунар эгаллашни истаган хотин-кизлар аниқланиб, уларга ушбу ўқув курсларида ўқишга йўлланмалар берилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати