Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

“БЕШ ТАШАББУС – БЕШ ИМКОН” ФОРУМИ ЭЗГУ МАҚСАДЛАРГА ЙЎЛ ОЧДИ

07.06.2019 , 9:20

Гулҳаё ва Маҳлиё Комилжоновалар саҳнага чиқиб, ўз маҳоратини тенгдошларига намойиш этишни, устозларидан ўрганган рақс ва халфачиликнинг нозик сир-асрорларини қалб туғёнига қўшиб ижро этишни ният қилган эдилар. Бугун шу орзуси амалга ошадиган бўлди. Улар томонидан куйланган халфачилик йўналишидаги қўшиқларни барча томошабинлар завқ билан томоша қилдилар, буни уларнинг гулдурос қарсакларидан билиш мумкин бўлди.

- Биз бугун Хива шаҳрида ташкил этилган “Беш ташаббус-беш имкон!” ёшлар форумида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз. Аввало биз ёшларга шундай шарт-шароит ва имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга рахмат айтамиз,- дейди биз билан суҳбатда Урганч шаҳар 93-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари Гулҳаё ва Маҳлиё Комилжоновалар.

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан “Эзгу ғоядан-эзгу мақсад сари!” шиори остида ўтказилган “Беш ташаббус-беш имкон!” номли 5 та йўналишни ўз ичига олган ёшлар форуми Гулҳаё ва Маҳлиёга ўхшаган истеъдодли ёшлар учун яна бир имконият эшигини очиб берди.

Барчамизга яхши маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Мазкур Форум ана шу ташаббусларни изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этиш ва унинг тарғиботини партия фаоллари томонидан амалга оширишдан иборат бўлди.

- Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, эзгу ғоялар ва яратувчанлик руҳияти билан ёшларни бир мақсад атрофида жамлаш орқали уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қалбларда юрт тақдирига даҳлдорлик ҳиссини ошириш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларнинг олдини олиш, ёшларнинг онги ва ҳаётига дахл қилиш мумкин бўлган зарарли ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни кучайтириш партиямизнинг асосий мақсадидир, дейди форум ташкилотчиси, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Рахимберган Юсупов.- Форумда вилоятимиз ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида, “Истеъдодшоуси, шунингдек, вилоят Давлат қўғирчоқ театри жамоасининг қўғирчоқ томошалари, УрДу ҚВЗ жамоасининг чиқишлари, ижодий ишлар кўргазмалари, ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун кўмаклашишга қаратилган спортнинг стол теннис тури ҳамда шахмат ва шашка бўйича мусобақаларини ташкил этдик.

Урганч шаҳар 93-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг имконияти чекланган ўқувчилари томонидан ижодий ишлар кўргазмаси ташкил қилиниб, улар ўзларининг қўлда моҳирлик ва нозик дид билан тўқилган болажонлар учун мўлжалланган кўргазмаси, мунчоқлардан ясалган гуллар кўргазмаси иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.

Спортнинг шахмат ва шашка тури бўйича ўтказилган мусобақада ўнлаб ёшлар иштирок этиши бу спортнинг нечоғли оммалашганидан далолат бериб турди. Шашка тури бўйича Исмоилов Жасур Янгибозор туманидан, Маткаримов Одилбек Урганч шаҳридан, Рахмонова Озода Гурлан туманидан қатнашиб, фахрли ўринларни эгалладилар. Шахмат тури бўйича Отабаева Гулсевар Хива шаҳридан, Арслонов Аброрбек Хива туманидан, Ғоибназаров Бекчанбой Хива туманидан қатнашиб, ғолибликни қўлга киритишга муяссар бўлдилар.

Форумда иштирок қилган стол теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони Мафтуна Абдуллаева ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Форум юқори шукуҳда, ўзгача кайфиятда ўтмоқда, форумда қатнашаётганимдан чексиз хурсандман. Мана шундай форумларнинг ўтказилиши биз каби ёшларнинг янада юксак марраларни эгаллашимизга асос бўлиб хизмат қилса, не ажаб. Ёшларга кўрсатилаётган бундай ишонч ва эътибордан оқилона фойдаланиш бизнинг ҳам қарз, ҳам фарзимиздир. Бизга яратиб берилган имкониятлар учун юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман,- дейди чемпионимиз Мафтунахон Абдуллаева.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Китоблар ярмаркаси” ҳам ташкил қилинди. Шу хусусда форум қатнашчиси Ойжон Каримова ўз фикрларини билдирди.

-“Китоблар ярмаркаси”нинг ташкил қилингани жуда ажойиб иш бўлибди. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, улар орасида маънавий муҳитни янада яхшилаш учун китоб ярмаркаларининг аҳамияти катта.

Форум давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган партиямиз электоратини муқим иш ўрни билан таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти Бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда “Меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмарка давомида 13 та мурожаат бўлиб, мурожаатчиларнинг 3 нафарига шу жойнинг ўзида мактабгача таълим муассасасига ишга қабул қилиш бўйича йўлланмалар берилди.

- Форумнинг Хива шаҳри марказида жойлашган “Нуруллабой” истироҳат боғида ўтказилишининг ўзи ҳам кенг жамоатчиликни давлатимиз раҳбари ва партиямиз томонидан олиб борилаётган ишлардан бохабарлигини янада оширишга ҳисса қўшди, дейди партия раҳбари Рахимберган Юсупов.

Ўз ўрнида партия томонидан ташкил этилган Форумда фаол иштирок этган созандаю қўшиқчи ёшларга, спортчиларга, форумни ўтказишда яқиндан ёрдам берган мутасадди ташкилотларнинг барчаларига партиянинг Фахрий Ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

Умурбек БЕКТЕМИРОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.