Миллат тили – миллат руҳидир

 

1989 йил 21 октабрь Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги учун дастлабки қадам ташланди яъни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олинди. Тилга буюк маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида қараш шаклланди. Она тилимизни илмий тадқиқ этиш ҳаракати кучайди.

Ҳар биримиз ёш гўдак бўлганмиз. Шу даврни биргалашиб бир ёдга олсак. Aйтингчи биринчи кўрган тушингиз ёдингиздами? Йўқ - а? Келинг саволни бошқача қўямиз, биринчи кўрган тушингизни қайси тилда кўргансиз? Ҳа албатта, ўз она тилингизда. Бу нимани англатади? Бу инсоннинг ўз она тили унинг руҳи билан чамбарчас деганидир.

Давлатимиз раҳбари ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз кераклигини таъкидлаган эди.

Ҳақиқаттан ҳам, тилга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни ҳар биримиз аввало, ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз керак. Ҳозирги кунда ёшларимиз орасида хорижий тилда гапириш ҳуддики бир обрўдек кўринади ёки икки-уч тилдаги сўзларни аралаш қўллаш ҳолатларига дуч келамиз. Шундай ҳолларда A.Қаҳҳорнинг сўзлари ёдга келади “Нима учун йўл қоидасини бузганлар учун ҳуштак чалинади-ку, лекин тилни нотўғри қўллаганлар учун ҳеч қандай огоҳлантириш ёки жазо йўқ". Албатта бу сўзлар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Кўпчилик бу ишни фақат тилшунослар бажариши керак, деб ўйлайди. Гўёки она тилимиз асосан тилшунослар учун керакдек. Aслида ҳамма бирдек ҳаракат қилсагина ўйлаган натижаларга эришамиз....

Aтрофимизга бир назар ташлайлик, шаҳарларда ҳаттоки қишлоқларимиздаги айрим жойларнинг (ресторан, кафе, меҳмонхона ҳаттоки таълим берадиган ўқув марказлар) номи хорижий тилларда қўйилган.

Алишер Навоий бобомиз нима учун жон куйдирган эди, жадидчилар-чи? Чўлпон, A.Қодирийлар нима учун ўз жонидан кечган эди? Энди бир ўйлаб кўрайлик, миллатимиз учун, миллатимизни англатадиган миллий тилимиз учун нима иш қилиб қўйдик? Ҳеч бўлмаса миллий тилимизни ҳурматини жойига қўйиб қўяйлик.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни мамлакатимизнинг бутун ҳудудида ўзбек тили давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди, тилимизнинг ривожланиши ва мақоми мустаҳкамланишида муҳим асос бўлди. Шуни ҳам айтиш керакки, тил инсонлар орасида мулоқот воситасигина бўлиб қолмасдан, балки миллатнинг миллийлиги ва тараққиёти белгиси ҳамдир. Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнларининг салбий оқибатларидан ёш авлодни асраш учун, аввало, уларда она тилимизга ҳурмат туйғусини янада кучайтириш зарур, деб ўйлайман.

 

Шохрух ЎКТАМОВ,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

Ёшлар парламенти аъзоси.

 

Теглар

Ёшлар парламенти
← Рўйхатга қайтиш