Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЎЗБЕКИСТОН ИХТИРОЧИ АЁЛЛАРИ ХАЛҚАРО КЎРГАЗМАДА ЮҚОРИ ЎРИНЛАРГА МУНОСИБ КЎРИЛДИ

12 Июл 2018

Корея ихтирочи аёллари ассоциацияси, Корея интеллектуал мулк офиси ва Халқаро Интеллектуал Мулк ташкилоти томонидан жорий йилнинг 28 июнь — 3 июль кунлари Жанубий Кореяда Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси – KIWIE 2018 ўтказилди.

Унда 30 дан зиёд давлатдан 518 нафар ихтирочи хотин-қиз техника, технология, медицина, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашишди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан илк маротаба мамлакатимизнинг олима аёллари ушбу халқаро кўргазмада иштирок этиш учун юборилди. Уч нафар олима аёлларимизнинг ихтиролари халқаро экспертлар томонидан ўрганилиб, юқори баҳоланди.

Жумладан, профессор ­Карима Норқулованинг «Болғачали тегирмон» номли фойдали модели озиқ-овқат ­саноати йўналиши бўйича «Grand Prize», «Қуритиш қурилмаси» ихтироси олтин, «Тугунакларни қуритиш усули» ихтироси эса кумуш медали билан тақдирланди.

Шунингдек, доктор (PhD) Малоҳат Илҳомованинг «Болалар пойабзали учун профилактик ич патак» номли фойдали модели, «Электр ўтказувчан пойабзал» ихтиросига кумуш ҳамда «Қиз болалар учун туфли» саноат намунаси учун бронза медали тақдим этилди. Профессор Парахат Матяқубова эса «Сочилувчан моддаларнинг иссиқлик-нам ўлчагичи» ихтироси учун кумуш медални қўлга киритди.

Кўргазма доирасида Халқ­аро форум, Интеллектуал мулк соҳасидаги лидер аёлларнинг Академиясида ўқув курс­лар ҳам ташкил қилинди. Делегациямиз аъзолари уларда иштирок этиб, ихтироларни амалиётга жорий қилиш ва тижоратини йўлга қўйиш бўйича ўз малакаларини ошириб, сертификатлар олишди.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ

www.uzbekistonovozi.uz