Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

ЯПОНИЯДА БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ БЎЙИЧА РЕЗОЛЮЦИЯСИ ҲАҚИДА

12 Июл 2018

Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси хорижий мамлакатлар эксперт доиралари вакиллари орасида катта қизиқиш уйғотди.

Жумладан, Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқот институтининг (Япония) ижрочи директори Тецужи Танака шундай деди:

— Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш тарафдоридир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таш­қи сиёсатда эришган ютуқлари орасида минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилиши ва мамлакат ­хал­қ­аро обрўсининг оширилиши бўлди.

2017 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган ­Самарқанд конференциясида иштирок этгандим. Бу тадбирда Шавкат Мирзиёев яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятларини самарали амалга ошириш имкониятига эга эканликларини таъкидлаган эди.

Шубҳасиз, БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги резолюцияси саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга, шунингдек, барча соҳаларда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Токиодаги Шарқий Осиё Стратегик маркази эксперти Киёмицу Такаги:

— Ўзбекистоннинг журъатли амалий саъй-ҳаракатлар билан қувватланган конструктив ва тинчлик сари элтувчи ташқи сиёсий ташаббуслари халқаро майдонда жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Тошкентнинг фаол ташқи сиёсати Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларининг ва минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланишига олиб келди.

Минтақадаги сўнгги йирик ижобий ўзгаришларнинг халқаро даражада эътироф этилишининг муҳим натижаси ўлароқ БМТнинг Марказий Осиёда изчил тарақ­қиётни таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилиниши бўлди. Ушбу ҳужжат минтақа мамлакатлари ва халқ­аро ҳамжамият ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, транспорт ва коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Хавфсизлик масалаларига, хусусан, ­Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу омил минтақадаги барча мамлакатлар хавф­сизлигини ва изчил ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

 

«Дунё» АА

Токио.