Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

БУ ЙИЛГИ ТЕСТ СИНОВЛАРИ ИККИ БОСҚИЧДА ЯЪНИ ЭРТАЛАБ СОАТ 8:00 ВА 15:00 ДА БЎЛИБ ЎТАДИ

12 Июл 2018

Мамлакатимиз олий ўқув юртларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни якунланишига саноқли кунлар қолди ва тест синовларини ҳар томонлама пухта ўтказишга ҳар галгидан қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ҳам бу борадаги ишлар намунали тарзда ташкил этилган.

Институтнинг бакалавр босқичига бу йил 1 минг 275, магистратурага 105 нафар йигит-қиз қабул қилинади. Махсус сиртқи бўлимда бакалавр босқичига эса 90 ўрин ажратилган.

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бу йилдан бошлаб институтда «Транспорт иншоотларининг эксплуатацияси (кўприклар ва тунеллар)» таълим йўналиши ва магистратурада «Вагонсозлик» мутахассислиги бўйича янги йўналишлар очилди, — дейди институт ректори Маъруфжон Расулов. — Абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш бошлаб юборилган. 1 июлдан магистратура бос­қичи учун ҳам ҳужжатлар қабул қилиш бошланди. Шунингдек, ин­с­титутнинг махсус сиртқи бўлимига ҳам қабул жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Эндиликда тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменада ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шу кунларда ҳар куни эрталаб соат 8:00 ва 15:00 да тест синовлари бошланади.

— Ўтган йили ушбу институтга ҳужжатларимни топширгандим, аммо ўқишга кираолмагандим, — дейди Сурхондарё вилояти Денов туманидан абитуриент Зуфарбек Соҳибов. — Бу йил институтнинг ташишни ташкил этиш ва транспорт логистикаси йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Тест синовларига яхши тайёргарлик кўрганман. Худо хоҳласа, талаба бўлишдек бахт­га сазовор бўлиб, ота-онамнинг орзусини амалга ошираман.

— Ҳозиргина институтнинг махсус сиртқи бўлимига ҳужжат топширдим, — дейди «Ўзбекистон темир йўллари» акция­дорлик жамияти Бухоро минтақавий темир йўл узелининг Самар­қанд алоқа ва ишорат масофаси корхонаси участка бошлиғи Зафар ­Рофиев. — 2010 йилда Самарқанд темир йўллари касб-ҳунар коллежини битиргандим. Оилавий шароитимиз тўғри келмаганлиги боис олий таълим муассасаларига ҳужжатларимни топшира олмадим. Оиламга фойдам тегсин, деб, ишга кирдим. Кейин ўзим оила қурдим. Фарзандлар туғилди. Оилани тебратиш учун ишлаш керак эди. Шу зайилда йиллар ўтиб кетди. Олий маълумотли бўлиш орзулигича қолаверди. Президентимизнинг ташаббуси билан махсус сиртқи бўлимларнинг қайта очилгани зўр иш бўлди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.